ТОШКЕНТ ШАҲАР АРХИВ ИШИ ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАСИДА БУЮК МУТАФФАККИР АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ 578 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН АДАБИЁТ КЕЧАСИ ЎТКАЗИЛДИ.
ТОШКЕНТ ШАҲАР АРХИВ ИШИ ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАСИДА БУЮК МУТАФФАККИР АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ 578 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНГАН АДАБИЁТ КЕЧАСИ ЎТКАЗИЛДИ.
Алишер Навоий буюк мутафаккир, шоир, олим ва давлат арбоби, барча даврдаги туркий адабиётнинг энг буюк намоёндаси, шу билан бир қаторда, ўзбек адабий тилининг асосчисидир.
У 1441 йил 9 февралда Ҳирот шаҳрида туғилди. Ёшлигиданоқ жуда билимли бўлган шоир Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» асарини 5 ёшидаёқ ёд олган. 7 ёшида мавлоно Лутфийни ўзи ёзган икки мисра байти билан лол қолдирган.
Аллома жаҳон адабиётида Ҳисрав Деҳлавий ва Низомий Ганжавийдан сўнг учинчи бўлиб, туркий адабиёт оламида эса биринчи бўлиб, ўзида беш асарни жамлаган «Ҳамса» асарини 1483-1485 йилларда ёзган. Юқорида номлари келтирилган шоирлардан фарқли равишда Навоийнинг «Ҳамса»си нафақат маъно-мазмун жиҳатидан, балки асарнинг ҳажми жиҳатидан ҳам устун бўлган. Бунинг устига Навоий нафақат туркий тилда, балки форсий тилда ҳам ижод қилган, асарлари ва ғазалларини Фоний таҳаллуси остида битган. Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, адибнинг сўз бойлиги ниҳоятда бой бўлган. Мисол учун, жаҳон дурдоналари сирасига кирмиш бир қанча асарлар муаллифи бўлган инглиз ёзувчиси Шекспир ўз асарларида 20 минг, испан адиби машҳур “Дон Кихот” асарининг муаллифи Дон Сервантес 18 минг, рус адабиётининг буюк вакили Пушкин умри давомида битган ижод намуналарида 21 минг сўздан фойдаланган бўлса, буюк бобокалонимиз бу борада ҳаммани ортда қолдириб, 41 мингдан зиёд сўздан фойдаланган.
Алишер Навоий фақатгина адабиёт ёки санъат билан шуғулланиш билангина чекланиб қолмасдан, давлат ишларида ҳам фаол бўлган. Унинг фаолияти Темурийлар салтанатининг парокандалик даврига тўғри келган. У ўз дўсти, Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Бойқаронинг бош вазири бўлиб, давлат ишларида унга яқиндан ёрдам бериб келган. Айниқса, унинг мамлакат ободончилиги йўлида амалга оширган ишлари таҳсинга лойиқ. Кейинчалик, Астробод вилоятига ҳоким этиб юборилган кезларида жойларда йўллар, кўприклар қурилиб, каналлар қазилиб, ҳалқнинг мушкулини осонлаштирган. Шулардан келиб чиқиб, Навоийни нафақат улуғ шоир, балки, буюк давлат арбоби деб эътироф этсак муболаға бўлмайди.
Йиллар ва замонлар ўзгаргани билан буюк мутафаккир шахсига ҳурмат ўз аҳамиятини йўқотмаган. Айниқса, мустақиллик шарофати билан Алишер Навоий фаолияти ва ижодига эътибор янада кучайди. Жумладан, янги ташкил этилган вилоятга Навоий номи берилди, жойларда ул зотга атаб ҳайкаллар ўрнатилди, олий ўқув юртлари, кинотеатрлар ва марказий кўчалар, хиёбонларга шоир номи берилди. Ҳар йили илм даргоҳлари ва маданият уйларида «Навоийхонлик кечалари» уюштирилади. Бу йил ҳам шоир таваллудининг 578 йиллигини кенг нишонланиши белгилаб қўйилган.
Шу мақсадда Тошкент шаҳар Архив иши ҳудудий бошқармасининг 2019 йил 5 февралдаги 20-сонли буйруғи қабул қилиниб, буюк аждодларимиз Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 536 йиллигини муносиб нишонлаш белгилаб олинди. 2019 йил 8 февраль куни Бошқарма тизимидаги архив муассасалари ходимлари ўртасида “Биз Навоий издошларимиз” номи остида архив соҳасига бағишланган, архив ходимларининг ўз ижод намуналаридан буюк зотни улуғловчи шеърлар, ғазал ва рубоийлар бўйича кўрик танлови ўтказилди. Ҳайъат аъзолари ёрдамида тадбирда иштирок этганлар орасидан ғолиблар аниқланди. Танловда иштирок этган архив ходимлари пул мукофоти ва диплом билан тақдирландилар.
Тадбир қизғин, бадиий жанрларга бой тарзда ва юқори кайфиятда ўтди.