«АРХИВЛАР ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИ АМАЛГА КИРИТИШ ҲАҚИДА

 

Ҳужжат кучини йўқотган 16.06.2010

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИНИНГ

ҚАРОРИ

«АРХИВЛАР ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИ АМАЛГА КИРИТИШ ҲАҚИДА

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 5-сон, 121-модда)

 LexUZ шарҳи

Мазкур қарор Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 15 июндаги ЎРҚ-252-сонли «Архив иши тўғрисида»ги Қонунига асосан ўз кучини йўқотган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:

1. «Архивлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан амалга киритилсин.

 LexUZ шарҳи

Ўзбекистон Республикасининг «Архивлар тўғрисида»ги Қонуни «Халқ сўзи» газетасининг 1999 йил 7 майдаги 90 (2128)-сонида эълон қилинган.

2. Ўзбекистон Республикасидан четга олиб кетилган ҳамда халқ бойлиги бўлган архив ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасига қайтариб олиб келиш масаласи бўйича Олий Мажлис ҳузурида махсус комиссия тузилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳукумат қарорларини «Архивлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштирсин, вазирликлар ва идоралар ўзларининг мазкур Қонунга зид бўлган норматив ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. ХАЛИЛОВ

Тошкент ш.,

1999 йил 15 апрель,

769-I-сон



АРХИВЛАР ТЎҒРИСИДА

 

Ҳужжат кучини йўқотган 16.06.2010

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

АРХИВЛАР ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 5-сон, 120-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й.,25-сон, 287-модда)

 LexUZ шарҳи

Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 15 июндаги ЎРҚ-252-сонли «Архив иши тўғрисида»ги Қонунига асосан ўз кучини йўқотган.

1-модда. Қонуннинг мақсади ва вазифалари

Ушбу Қонун архивларни шакллантириш, сақлаш ва улардан фойдаланишда юзага келадиган муносабатларни ҳамда Ўзбекистон Республикаси архив муассасалари фаолиятини тартибга солади.

Қонун Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлган барча архив ҳужжатларини тўлиқ қамраб олишга, Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг яхлитлигини сақлаб қолишга ва фуқаролар, жамият ва давлатнинг ижтимоий, маданий, илмий ва бошқа эҳтиёжларини қондириш мақсадида архив ҳужжатларини ҳисобга олиш, экспертиза қилиш, рўйхатдан ўтказиш, бутлаш ҳамда улардан фойдаланишнинг ягона тартибини белгилашга қаратилгандир.

2-модда. Архивлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ўзбекистон Республикасининг архивлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Қорақалпоғистон Республикасида архив иши Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг архивлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

архив — архив ҳужжатлари мажмуи, шунингдек архив муассасаси ёки корхона, муассаса ва ташкилотнинг архив ҳужжатларини қабул қилувчи, сақловчи ва улардан фойдаланувчи таркибий бўлинмаси;

архив ҳужжатлари — қонун ҳужжатларида назарда тутилган тегишли экспертиза асосида архив аҳамиятига молик деб топилган матнли, қўлёзма ва машинада ўқиладиган ҳужжатлар, овозли ёзувлар, видеоёзувлар, киноленталар, фотосуратлар, фотография плёнкалари, чизмалар, схемалар, хариталар, шунингдек турли моддий ашёлардаги ёзувлар;

архив фонди — тарихий ёки мантиқий жиҳатдан бир-бири билан алоқадор архив ҳужжатлари мажмуи;

архив иши — архив ҳужжатларини қабул қилиш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни ташкил этишга оид фаолият;

архив ҳужжатларини доимий сақлаш — уларни архивда, музейда, кутубхонада чекланмаган муддатларда сақлаш;

архив ҳужжатларини вақтинча сақлаш — уларни архивларда қонун ҳужжатларида белгиланган давр мобайнида сақлаш;

архив ҳужжатларини депозитар сақлаш — уларни ҳужжатлар мулкдори билан архив, музей, кутубхона ўртасидаги келишув (шартнома) бўйича белгиланадиган шартлар асосида мулкдорнинг архив ҳужжатларига нисбатан мулк ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда архивда, музейда, кутубхонада сақлаш.

4-модда. Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди

Ҳужжатларида Ўзбекистон халқининг моддий ва маънавий ҳаёти акс эттирилган барча архив фондларининг мажмуи Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди давлат ва нодавлат архив фондларидан ташкил топади.

Давлат архивларида ва давлатнинг бошқа ҳужжатхоналарида доимий сақланаётган ҳужжатлар, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида, прокуратуралар, судлар, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида, банкларда, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларида вақтинча сақланаётган архив ҳужжатлари давлат архив фондини ташкил этади.

Нодавлат юридик шахсларнинг фаолияти натижасида тўпланган архив ҳужжатлари, шунингдек фуқароларнинг шахсий архивлари нодавлат архив фондини ташкил этади.

Ҳужжатларни Ўзбекистон Республикасининг Миллий архив фондига киритиш ёки ҳужжатларни ундан чиқариш эксперт комиссиясининг хулосаси асосида амалга оширилади.

Олдинги таҳрирга қаранг.

Ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш мезонларини, эксперт комиссияларини тузиш ва уларнинг фаолият кўрсатиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги белгилайди.

(4-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелдаги 621-II-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 25-сон, 287-модда)

 LexUZ шарҳи

Қўшимча маълумот учун қаранг: Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг доимий ҳаракатдаги эксперт комиссия(ЭК)си тўғрисидаги Намунавий низоми (рўйхат рақами 897, 11.02.2000 й.) ва Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, юридик шахслар бирлашмаларининг доимий ҳаракатдаги марказий эксперт комиссия(МЭК)си тўғрисидаги Намунавий низоми (рўйхат рақами 898, 21.02.2000 й.).

Ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондига киритиш масаласини ҳал қилиш учун юридик ва жисмоний шахслар давлат архив муассасасининг талабига биноан ҳужжатларни экспертизага тақдим этишлари шарт.

5-модда. Архив ҳужжатларига бўлган мулкдорлик

Давлат архив фондининг ҳужжатлари давлат мулкидир ва улар давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, олди-сотди ёки мулк ҳуқуқини бериш билан боғлиқ бошқа битимлар объекти бўлиши мумкин эмас ҳамда фақат вақтинча фойдаланиш учун берилади.

Нодавлат архив фондларининг ҳужжатлари нодавлат юридик шахсларнинг — фонд эгаларининг мулкидир. Жисмоний шахсларнинг архив ҳужжатлари шу шахсларнинг хусусий мулкидир.

Вафот этган фуқароларнинг архив ҳужжатлари, қонун бўйича ёки васиятнома бўйича меросхўрлар бўлмаса, шунингдек архивнинг эгасини аниқлаш имконияти бўлмаса, давлат мулкига ўтади.

6-модда. Архивлар тузиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари архивлар тузиш ҳуқуқига эгадир.

Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат архивлари (уларнинг филиаллари) тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан тузилади.

Вилоятлар давлат архивлари (уларнинг филиаллари) ҳамда Тошкент шаҳар давлат архиви тегишли вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тузилади.

Махфий архивлар тузишга йўл қўйилмайди.

7-модда. Архив ҳужжатларини доимий сақлаш ҳуқуқи

Давлат архив фондининг ҳужжатлари давлат ҳужжатхоналарида доимий сақланиши керак. Ҳужжатларни қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказишни амалга оширадиган, уларнинг асралиши ва улардан фойдаланишни таъминлайдиган давлат архивлари ва уларнинг филиаллари давлат архив фонди ҳужжатларининг асосий ҳужжатхоналари ҳисобланади.

Олдинги таҳрирга қаранг.

Давлат архив фонди ҳужжатларини вазирликлар ва идораларда доимий сақлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги билан келишилган идоравий норматив ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

(7-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелдаги 621-II-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 25-сон, 287-модда)

Давлат архив фондининг ҳужжатларини доимий сақлаш вазифаси топшириладиган вазирликлар ва идораларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

8-модда. Идоравий архивлар

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар архив ҳужжатларини вақтинча сақлаш, улардан хизмат, ишлаб чиқариш, илмий ва бошқа мақсадларда фойдаланиш учун идоравий, бирлашган идоравий ёки идоралараро архивлар тузишлари мумкин.

Олдинги таҳрирга қаранг.

Идоравий архивларда вақтинча сақланаётган ҳужжатларни рўйхатдан ўтказишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги ва у ваколат берган давлат архив муассасалари амалга оширади. Рўйхатдан ўтказиш тартиби ва рўйхатдан ўтиш гувоҳномасининг шакли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

(8-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелдаги 621-II-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 25-сон, 287-модда)

Давлат архив фондининг ҳужжатларини идоравий архивларда вақтинча сақлаш муддатининг меъёрлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйилади.

Идоравий архивда вақтинча сақлаш муддатлари ўтганидан кейин доимий сақланиши керак бўлган архив ҳужжатлари белгиланган тартибда давлат архивларига топширилади.

Идоравий архивларнинг архив ҳужжатларини сақлаш ва улардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган низомда белгиланади.

9-модда. Фуқароларнинг шахсий архивлари

Xусусий мулкида архив ҳужжатлари бўлган фуқаролар уларнинг асралишини таъминлайдилар ва архив ҳужжатларини доимий ёки депозитар сақлаш учун давлат архивлари, музейлари ва кутубхоналарига топширишлари мумкин.

Депозитар сақлаш учун топширилган архив ҳужжатлари, уларнинг мулкдорлари ҳужжатларни сақлаш шартномасини ўз вақтида узайтирмаган бўлсалар ва мазкур ҳужжатлар архивга, музейга ва кутубхонага топширилган пайтдан бошлаб юз йил мобайнида уларни талаб қилиб олмасалар, давлат мулкига ўтади.

10-модда. Қайта ташкил этилаётган ва тугатилаётган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг архив фондлари

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар қайта ташкил этилганда уларнинг архив ҳужжатларини келгусида сақлаш улар томонидан тегишли давлат архив муассасалари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тугатилганда уларнинг архив фонди ҳужжатлари тегишли давлат архивларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда топширилади.

11-модда. Архив ишини давлат томонидан бошқариш

Олдинги таҳрирга қаранг.

Архив ишини давлат томонидан бошқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан архивлар ишини бошқариш ваколатли давлат органлари орқали амалга оширилади.

(11-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелдаги 621-II-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 25-сон, 287-модда)

Олдинги таҳрирга қаранг.

Архив ишини бошқариш ваколатли давлат органлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармаларидир.

(11-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелдаги 621-II-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 25-сон, 287-модда)

Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг давлат архивлари (уларнинг филиаллари), вилоятлар давлат архивлари (уларнинг филиаллари) ва Тошкент шаҳар давлат архиви бевосита архив ишини бошқариш ваколатли давлат органларига бўйсунади.

Архив ишини бошқариш ваколатли давлат органининг фаолиятини ташкил этиш тартиби ҳамда тузилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 LexUZ шарҳи

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 3 февралда 49-сонли «Ўзбекистон Республикасида архив ишини бошқаришни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги тўғрисидаги Низом ва унинг ташкилий тузилмаси тасдиқланган.

12-модда. Давлат архив муассасаларини молиялаш

Давлат архив муассасаларини молиялаш тегишли бюджетлар маблағлари ҳисобига, шунингдек бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Пулли хизматлар кўрсатишдан ҳамда молиялашнинг бошқа қўшимча манбаларидан олинадиган маблағлар архив муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантиришга ҳамда уларнинг ходимларини моддий рағбатлантиришга йўналтирилади.

13-модда. Архив муассасаларининг хизматлари

Давлат архив фонди муассасалари ва идоравий архивлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда хизматлар кўрсатади.

Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ижтимоий ҳимоя қилиш учун зарур бўлган архив маълумотномаларини, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига архив маълумотномаларини ва ҳужжатларнинг нусхаларини бериш бепул амалга оширилади.

14-модда. Архивларни бутлаш

Давлат архивлари давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг фаолияти жараёнида вужудга келган ҳужжатлардан, шунингдек улар томонидан қўлга киритилган ёки уларга бошқа юридик ва жисмоний шахслар топширган ҳужжатлардан бутланади.

Давлат архивлари фуқароларнинг шахсий архив ҳужжатларини шартнома асосида мулк қилиб олишлари мумкин. Фуқароларнинг архив ҳужжатлари сотилаётганда давлат архиви уларни мулк эгаси эълон қилган нархида сотиб олишда устувор ҳуқуққа эга.

Нодавлат юридик шахсларнинг архивлари ва фуқароларнинг шахсий архивлари давлат архив фонди ҳужжатларидан бутланишига йўл қўйилмайди.

Олдинги таҳрирга қаранг.

Ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондига бутлаш мақсадида топширилиши лозим бўлган корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги томонидан белгиланади.

(14-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелдаги 621-II-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 25-сон, 287-модда)

15-модда. Ҳужжатлар сақланишини таъминлаш юзасидан ҳужжатлар мулкдорларининг мажбурияти

Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондига киритилиши лозим бўлган ҳужжатларнинг мулкдорлари уларнинг сақланишини таъминлашлари ва кўпайиб боришига кўмаклашишлари шарт.

Алоҳида қимматли ва ноёб архив ҳужжатларининг суғурта нусхалари тайёрлаб қўйилади.

Олдинги таҳрирга қаранг.

Архив ҳужжатларини алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатлар жумласига киритиш, шунингдек уларнинг суғурта нусхаларини тайёрлаш ва сақлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги томонидан белгиланади.

(15-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелдаги 621-II-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 25-сон, 287-модда)

Қимматли, ноёб архив ҳужжатларининг лозим даражада асралишини таъминламаётган нодавлат юридик шахслар суд қарори билан ҳужжатларга бўлган мулк ҳуқуқидан маҳрум этилишлари мумкин, шундан сўнг бу ҳужжатлар сақлаш учун тегишли давлат архивига топширилади.

16-модда. Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини давлат ҳисобига олиш

Олдинги таҳрирга қаранг.

Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг ҳужжатлари, уларнинг сақланаётган жойидан қатъи назар, давлат ҳисобига олиниши керак. Мазкур ҳужжатларни давлат ҳисобига олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги томонидан белгиланади.

(16-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелдаги 621-II-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 25-сон, 287-модда)

17-модда. Архив ҳужжатларидан фойдаланиш

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат архив фондининг архив ҳужжатларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланадилар.

 LexUZ шарҳи

Қаранг: Ўзбекистон Республикаси давлат архивлари ўқув хоналарида фойдаланувчиларнинг ишлаш Қоидалари (рўйхат рақами 1053, 20.07.2001 й.).

Нодавлат архив фондининг ҳужжатлари, шу жумладан жисмоний шахсларнинг хусусий мулки сифатида ўзида сақланаётган архивлар юридик ва жисмоний шахсларнинг фойдаланиши учун фонд эгаларининг розилиги билан берилиши мумкин бўлиб, улар архив ҳужжатларининг асралишини таъминлаш мақсадида улардан фойдаланишни чеклашлари мумкин. Чеклашлар хизмат топшириғини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат қилувчи органларнинг ходимларига нисбатан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда татбиқ этилмайди.

Архив ҳужжатларининг маҳфийлик даражаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг давлат ва тижорат сирини ўз ичига олган ҳужжатларидан фойдаланишга доир чеклашлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Фуқароларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёки уларнинг ҳаёти ва хавфсизлигига таҳдид туғдирувчи маълумотларни ўз ичига олган архив ҳужжатларидан фойдаланишга доир чеклашлар, ҳужжатлар тайёрланган вақтдан эътиборан етмиш беш йил муддатга белгиланади. Ушбу муддатдан олдин ана шундай ҳужжатлардан фойдаланишга фуқаронинг ўзи томонидан, унинг вафотидан сўнг эса — унинг меросхўрлари томонидан рухсат берилиши мумкин.

Давлат архив муассасалари давлат архив фонди ҳужжатларидан фойдаланишни улар илмий-техник ишловдан ўтказилаётгани ёки қайта тикланаётгани муносабати билан чеклаб қўйиш ҳуқуқига эгадир.

18-модда. Архив иши соҳасидаги халқаро ҳамкорлик

Ўз архивларига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар архив иши соҳасидаги халқаро ҳамкорликда қонун ҳужжатларига мувофиқ иштирок этишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикасидан четга олиб кетилган архив ҳужжатларини қайтариш халқаро шартномалар асосида амалга оширилади.

19-модда. Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларининг Ўзбекистондан олиб чиқилиши

Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларининг асл нусхаларини ёки уларнинг ўрнини босувчи нусхаларини Ўзбекистондан олиб чиқилишига йўл қўйилмайди, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Олдинги таҳрирга қаранг.

Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг ҳужжатларини чет элда кўргазмага қўйиш ёки қайта тиклаш мақсадида Ўзбекистондан вақтинча олиб чиқилишига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзархив» агентлиги рухсати билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўл қўйилади.

(19-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелдаги 621-II-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2004 й., 25-сон, 287-модда)

20-модда. Низоларни ҳал этиш

Архивлардан фойдаланиш масалаларига доир низолар суд томонидан ҳал этилади.

Юридик ва жисмоний шахслар архивлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун етказилган зарар ўрнини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қоплашлари шарт. Зарар ўрнининг қопланиши айбдорларни қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликдан озод этмайди.

21-модда. Архивлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Архивлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 октябрда 482-сонли «Архив иши бўйича меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарориқабул қилинган. Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди тўғрисидаги Низом, Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш Тартиби, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардаги идоравий архив тўғрисидаги Намунавий низомтасдиқланган. Танишиш учун тавсия қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

1999 йил 15 апрель,

768-I-сон

 

  Yuklab olish (*.doc 62 kb)