Худойберганов Комил ота
“Ўзбекистонда давлат архивлари тизими ташкил топганлигининг 100 йиллиги” муносабати билан Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармаси тизимида фаолият юритаётган ходимлар гуруҳи Учтепа тумани Бешқайрағоч кўчаси 18-хонадонда истиқомат қилувчи, уруш ва меҳнат фахрийси Худойберганов Комил ота хонадонига ташриф буюрдилар ҳамда улар холидан хабар олдилар. Шуниси қувонарлики, Худойберганов Комил ота жорий йилда муборак 100 ёшни қаршиладилар.
Ташриф давомида Худойберганов Комил ота ўзининг машаққатли ҳамда барчамиз учун ибрат бўла оладиган умр йўли ҳақида сўзлаб берди. Шу билан биргаликда, Улуғ ватан уруши йилларида Ленинград, Сталинград, Рига ва Таллин шаҳарларида бўлиб ўтган жангларда мардонавор хизмат қилганликлари ҳамда инсониятни фашизм балосидан халос этишга қўшган ҳиссасини фахр билан эсга олди. Урушдан сўнг Худойберганов Комил ота узоқ йиллар давомида Тошкент шаҳрида жойлашган Республика мусиқа интернатида ҳайдовчи бўлиб хизмат қилади. Комил ота умри давомида 20 дан ортиқ медал ва орденлар билан тақдирланганлар.
Ташриф сўнгида, Худойберганов Комил ота шундай тинч ва осойишта замонга шукроналар келтирар экан, Она ватанимизга янги-янги ривожланиш ва тараққиёт йўлини тилаб дуо қилдилар.