«Хотира – ҳурмат ва эҳтиром рамзи»
Ўзбекистон Республикасида нишонланадиган “9 май - Хотира ва қадрлаш куни” байрами тадбирлари доирасида Тошкент шаҳар Архив иши ҳудудий бошқармаси раҳбарияти ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси мутахассислари “Шахидлар хотираси” мажмуасига ташриф буюрдилар. Ушбу куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида муаллифларнинг (А.Калонтаров, Д.Калонтаров) Исроилда чоп этилган «Подвиг и Память» документально-биографической картотеки бухарских евреев – участников Второй мировой войны» номли кўп жилдликнинг 3 жилди китоби тақдимоти ўтказилди. Тадбирда тарихчи, архивчи, адабиётшунос, тилшунос олимлар, журналистлар, Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасалари талабалари, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи бухоро яҳудийлари фахрийлари ва синагоглари, ОАВ ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.
Тадбирда Тошкент шаҳар Архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи А.Маҳкамов мазкур китобларда архив ҳужжатларининг ўрни ва кенг фойдаланилиши, тадқиқотчилар томонидан Ўзбекистондаги архив муассасалари, музейлар ва кутубхоналарда олиб борилаётган ишларнинг давом эттирилаётганлиги тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, у тадбир иштирокчиларини “9 май - Хотира ва қадрлаш куни” байрами, Исроил давлатининг ташкил этилганлигини 70 йиллиги, кўп жилдлик китобнинг 3 жилди нашр этилганлиги билан қутлади ва кутубхонада ташкил этилаётган китоб тақдимотларининг ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб этишдаги аҳамиятига эътибор қаратди.
Китобларда Иккинчи жаҳон урушида қатнашган бухоро яҳудийларига доир маълумотлар жуда кенг ёритилган. Китоблар алифбо тарзида уруш қатнашчиларининг фамилияси тартиби билан тузилган бўлиб, уларда жангчиларнинг қачон ва қаерда урушга чақириб олинганлиги, мардлик ва қаҳрамонликлари, дафн этилган жойлар ва бошқа қизиқарли маълумотлар кўрсатиб ўтилган. Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар ва ташкилотчиларга ўз миннатдорликларини изҳор этдилар. Тадбирдан сўнг вакилларнинг Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуасига ташрифи давом эттирилди.