Буюк давлат арбоби соҳибқирон Амир Темурни ёд олиб ...
Буюк давлат арбоби соҳибқирон Амир Темурни ёд олиб ...
Буюк давлат арбоби, моҳир саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси бўлган соҳибқирон Амир Темур Ўрта Осиёда марказлашган қудратли давлат барпо этди. Уни ҳар томонлама мустаҳкамлаб, ривожлантириб, шон-шуҳратини бутун жаҳонга ёйди, буюк салтанатнинг ҳукмдори сифатида миллатлар ва ҳалқларни бирлаштирди. Унинг ҳукмдорлик йилларида маданият, илм-фан, меъморчилик, тасвирий санъат, мусиқа ва шеърият юксак чўққига кўтарилди. Бир сўз билан айтганда, темурийлар даври ренессансига асос солинди.
“Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 683 йиллиги”ни муносиб нишонлаш мақсадида 2019 йил 9 апрель куни “Темурийлар тарихи давлат музейи”га Тошкент шаҳар Архив иши ҳудудий бошқармаси ва унинг тизимидаги архив муассасалари ходимлари ташрифи уюштирилди. Унда архив ходимлари музей экспонатлари билан танишган ҳолда, Амир Темур ва темурийлар даври тарихи ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўлишди.
Шу куни “Буюк давлат арбоби соҳибқирон Амир Темурни ёд олиб ...” мавзусида семинар ўтказилди. Тадбирга Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизациялаш муҳандислари институти “Гуманитар фанлари кафедраси” профессори, тарих фанлари доктори Ўлжаева Шохиста Мамажоновна таклиф этилди. Ш.М.Ўлжаева “Амир Темур буюк шахс ва давлат арбоби” мавзусида қимматли ва тарихий аҳамиятга эга маълумотларни бериб ўтди.
Шунингдек, Бошқарма бош мутахассиси Акбар Абдукаримович Файзуллаев “Буюк давлат арбоби Амир Темур ва темурийлар даврида миллий қадриятлар ҳамда маданият” мавзусида маъруза қилди. Маъруза қизиқарли асосларга бой тарзда слайд кўринишида тингловчилар эътиборига ҳавола этилди.
Тадбир давомида соҳибқирон Амир Темур даврига оид ҳужжатли фильм намойиш этилди. Маъруза якунида ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олдилар. Тадбирнинг савол-жавоб қисмида фаол иштирок этган архив ходимларига “Темурийлар тарихи”га оид қизиқарли китоблар совға сифатида тақдим этилди.
Архивчи ходимларимизни, айниқса ёшларимизни буюк аждодларга ҳурмат эътиборини янада юксалтириш, шунингдек, беқиёс меросни асраб- авайлаш ва келажак авлодга етказиш бўйича юқоридаги каби тадбирларнинг ўтказилиши амалга оширилаётган меҳнат фаолиятимизда муҳим аҳамият касб этади.