“Балли қизлар” 2020
Дарахтларнинг оқ, бинафша, қизил гуллари ва табиатнинг ям-яшил кўклами ҳамда ҳавонинг илиқ нафаси ила Юртимизга баҳор кириб келди. Баҳорнинг энг шодиёна ва хурсандчиликларга бой ойи, бу март ойидир. Март ойининг илк хурсандчилиги албатта аёллар ва қизлар байрами билан бошланади, сўнг Наврўз байрами билан давом этади. Аёллар, қизлар – баҳор, бу сўзлар ўзаро уйғунликда акс этган. Баҳорда қизларнинг кулгулари, шўх-шодонлиги, қўшиқ айтиб рақсга тушишлари кўнгилга беихтиёр хурсандчилик улашади. Ана шундай юқори кайфият билан баҳорни илғор архивчи қизлар ҳам кутиб олишди.
“Ўзархив” агентлигининг 2020 йил 11 февралдаги 1-АФ-сон фармойиши билан ташкил этилган “Балли қизлар” беллашуви 2020 йил 4-5 март куни Жиззах вилоятида бўлиб ўтди. Беллашув Агентлик тизимидаги архив муассасалари ходималарининг ҳуқуқий ва шахсий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқий онгини ҳамда соҳага оид билимларини ошириш, фаол иштирок этган, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилди.
Унда ҳудудлардан ташриф буюрган архивчи ходималар ҳамда Ўзбекистон миллий архивлари ёш ходимлари билан бирга Тошкент шаҳар Архив иши ҳудудий бошқармаси тизимидаги Тошкент шаҳар давлат архиви ходимаси ҳам иштирок этди. Беллашувда “Балли қизлар
” Низомга мувофиқ тўртта шарт асосида ўз истеъдодларини намойиш этдилар. Бу шартлар асосида беллашувда иштирок этган “Ҳужжатларни жамлаш, идораларга қарашли архивлар ва иш юритиш бўлими” 2-тоифали архивчиси Ибраимова Жадира Жолдасбаевна ўзининг истеъдоди, зукколиги ва ажойиб сахна кўринишлари билан иштирокчилар ўртасида алоҳида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди. Шу боис, Ибраимова Жадира Жолдасбаевна Агентликнинг III-ўринга созовор бўлиб фахрий ёрлиқ, шунингдек, Тошкент шаҳар Архив иши ҳудудий бошқармаси ҳамда унинг тизимидаги Тошкент шаҳар давлат архиви Касаба уюшмаси томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Биринчи шарт асосида иштирокчилар томонидан тақдим этилган “Архив соҳасини ривожлантириш бўйича инновацион ғоя ёки таклифлар” нафақат ҳудудлардаги архивларда, балки Республикамизнинг барча архивларида ҳам бу соҳани ривожлантиришга асос бўла олиши ва катта аҳамият касб этиши ҳақида ҳакамлар ҳайъати алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Беллашув қизғин, аъло кайфиятда ва юқори савияда ўтди.