9 июнь – Халқаро архивлар куни
9 июнь – Халқаро архивлар куни
Ўтаётган ҳар бир кунимиз тарихга олтин ҳарфлар ила муҳрланиб бораверади. Кечаги кун, ўтмиш хотиралари ҳужжатлар аксида келажак авлод учун қимматли маълумот сифатида сақланиб қолаверади. Бундай тарихий маълумотларни бекаму-кўст келажак авлод учун етказиб беришда архив муассасаларининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир, албатта!
2007 йил 9 июнда Канаданинг Квейбег шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКО қошидаги Халқаро архивлар Кенгаши Бош Ассамблеяси томонидан “9 июнь – Халқаро архивлар куни” деб белгиланди. Республикамиз Халқаро архивлар Кенгаши (ХАК)га 2009 йилда аъзо бўлди. Бугунги кунда ХАКга 190 та мамлакатдан 1500 дан ортиқ архивлар аъзо бўлган.
“9 июнь – Халқаро архивлар куни” шарафли ва айни дамда масъулиятли фаолият касб эгалари, яъни архивчилар учун бутун дунёда кенг нишонланадиган фахрли байрам кунидир!
Мамлакатимизнинг барча архивларида фаолият юритаётган архивчи ходимларимизни “9 июнь – Халқаро архивлар куни” билан чин қалбимиздан муборакбод этамиз! Байрамингиз муборак бўлсин азиз архивчилар!
Байрам кунини муносиб нишонлаш мақсадида, 2019 йил 9 июнь кунида Тошкент шаҳар ҳокимияти билан ҳамкорликда Тошкент шаҳар Архив иши ҳудудий бошқармаси томонидан шаҳримизнинг марказий Сайилгоҳ кўчасида “Тошкент – кеча ва бугун” мавзусида фотосуратлар акс этган баннерлар ҳамда архив ҳужжатлари кўргазмаси ўтказилиб, қимматли тарихий маълумотлар кенг халқ оммасига ҳавола этилди.
Тадбир давомида ташриф буюрувчилар билан архив соҳасига оид саволлар акс эттирилган совринли викторина ўтказилди. Санъаткорларнинг тадбирдаги иштироки эса кўргазмани янада юқори кайфиятда ўтишига муносиб ҳисса қўшди.
Тошкент шаҳар аҳолиси ва шаҳримиз меҳмонлари бу кўргазмада акс этган қимматли маълумотларга катта қизиқиш билдириб, ундан юқори таасурот олганликларини ҳамда бундай тадбирлар давомий бўлишини исташларини таъкидлаб ўтдилар.