30 июнь – Ўзбекистонда Ёшлар куни
30 июнь – Ўзбекистонда Ёшлар куни
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган кун – 30 июнь санасини Ўзбекистонда Ёшлар куни деб эълон қилиш таклифи давлат раҳбари томонидан билдирилганди. Бугунги кунда 30 июнь – ёшлар куни Республикамизда Ёшларнинг энг севимли, уларни бирлаштирадиган байрамга айланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшларига байрам табригининг эълон қилиниши, бу байрамга янада юқори кайфият бағишлади.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини янада ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони ҳамда 18 июлдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар талайгина. Бу вазифалар Мамлакатимизда босқичма-босқич амалга оширилиб борилаётгани эътиборга моликдир.
Хусусан, қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, истеъдод ва қобилиятини юзага чиқариш, улар орасида ҳақиқий етакчиларни тарбиялаш ишларини янада кучайтириш мақсадида қизлар учун алоҳида нашр – “Қизларжон” ёки “Дугоналар” номли янги журнал ташкил қилишнинг мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Аҳоли, энг аввало, ёшлар ўртасида китобхонлик савиясини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳар йили “Энг китобхон мактаб”, “Энг китобхон маҳалла”, “Энг китобхон оила” каби йўналишларда танловлар ўтказиш, якуний босқич ғолибларини тақдирлаш учун қимматбаҳо совғалар, жумладан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларни мукофот тариқасида бериш масаласи кўтарилди.
Президентимиз ўз нутқида яна бир муҳим лойиҳа – 2020 йил 1 декабргача ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон ёшлар иттифоқига қарашли, барча қулайликларга эга бўлган кутубхона ва китоб дўконини ҳам ўз ичига олган кичик Ёшлар марказларини барпо этиш лойиҳаси ҳақида гапирди.
Бундан ташқари, Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатда ёшларга ҳарбий таълим-тарбия берадиган курсантлар мактабларига “Темурбеклар мактаби” деб ном бериш, турли соҳа ва тармоқларда катта натижаларга эришиб келаётган йигитлар учун “Мард ўғлонлар” деган ном билан Давлат мукофотини таъсис этиш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда, ўқишда, меҳнатда, жамоат ишларида ҳар томонлама фаол бўлган йигит-қизларни тақдирлаш мақсадида “Келажак бунёдкори” медалини таъсис этиш таклифларини билдирди.
Бугунги кунда, Мамлакатимизда ёшлар масаласига доимо устувор масала сифатида қаралмоқда,Президентимизнинг “Ўзбекистон ёшларига байрам табриги”да таъкидланганидек, биз ёшларнинг орзу-интилишлари, илғор ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш мақсадида бошланган ишларимизни наинки давом эттирамиз, балки уларни янги, янада юксак босқичга кўтарамиз деб, ваъда берамиз албатта!