1 июнь – Халқаро болаларни химоя қилиш куни
1 июнь – Халқаро болаларни химоя қилиш куни
Абу Ҳурайра (р.а.) айтадилар: “Расулуллоҳ бир куни набиралари имом Ҳусайнни ўпдилар. Бу вақт ҳузурларида Ақра ибн Ҳобис исмли бир киши ўтирган эди. Шунда у киши пайғамбаримизга саволона мурожаат билан: “Менинг ўнта болам бор, улардан биттасини ҳам ўпган эмасман”, – деди. Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) унга қарадилар-да, дедилар – “Марҳаматли бўлмаган кишиларга Аллоҳ таоло ҳам марҳамат назари билан қарамайди”.
Дарҳақиқат, бундан хулоса қилиб, болаларга етарлича меҳр-муҳаббат кўрсатиш, уларга мулойимлик билан муносабатда бўлиш, меъёр билан ширин сўзлаб кўнглини топиш, биз катталар учун ҳам қарз, ҳам фарз эканлигини унутмаслигимиз лозим.
Бунинг амалий ифодаси сифатида, Тошкент шаҳар Архив иши ҳудудий бошқармаси Касаба уюшмаси томонидан 1 июнь – “Халқаро болаларни химоя қилиш куни” муносабати билан шу куннинг ўзида Бошқарма ва унинг тизимидаги архив муассасалари ишчи-ходимларининг болажонлари иштирокида Ёшлар ижодиёти марказига саёҳат уюштирилди. Унда болажонлар “Маугли” мюзикли театр томошасини кўриб роса қувондилар, уларнинг қувонч-кулгусига бириктирилган масъуллар ҳам бирдек шерик бўлишди. Саҳналаштирилган театрдан сўнг болажонлар ширин музқаймоқлар билан сийланди.
Болажонлар, жажжи кичкинтойлар – улар шодон бўлишса дунё ғамидан қутуласан киши, агар ғам-қайғуда бўлсалар бутун жаҳон ларзага келади уларнинг ноласидан. Ўзбек халқи болажон халқ, қанча бўлса меҳри ва ўрни бор унинг. Юртимиз болажонлари доимо саломат ва хурсанд бўлишсин!